Тошкент яқинида ичида мактаб ўқувчилари бўлган автобус ёниб кетди

Мактаб ўқувчиларини олиб кетаётган автобус ёниб кетиши оқибатида қурбонлар бўлмаган, 12 киши турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 апр – Sputnik. Бугун, 29 апрел тун соат 02:00 ларда, Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида, ичида мактаб ўқувчилари бўлган автобус бетон тўсиққа урилиб ёниб кетди, деб хабар қилмоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Автобус ичида бўлган барча йўловчилар зудлик билан эвакуация қилинган. ЙТҲ оқибатида қурбонлар бўлмаган, 7 нафар йўловчи турли даражада тан жароҳатлари билан Ўртачирчиқ туман шифохонасига, 5 нафар йўловчи  Республикаси Тез тиббий ёрдам илмий марказига жойлаштирилган.

Хабарда айтилишига кўра, автобусда жами 53 нафар йўловчи бўлган. Уларнинг аксарияти Тошкент вилояти Паркент тумани 31-умумий ўрта таълим мактабининг  37 нафар ўқувчилари бўлган. Шунингдек, 3 нафар ўқитувчи, 10 нафар ота-оналар ҳамда 3 нафари хайдовчи бўлишган.

Дастлабки маълумотга кўра,  давлат рақами 11 366 СВА бўлган “Мерседес” русумли автобус балони ёрилиб кетиши натижасида, бошқарувини йўқотиб, бетон тўсиққа бориб урилган ва ёнишни бошлаган. ЙТҲ сабаблари ўрганилмоқда.