ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik. Қирғизистоннинг Жогорку Кенеш собиқ депутати Дамирбек Асилбек уулу Олмаотанинг махсус туманлараро суди ҳукми билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Sputnik Қирғизистон хабарига кўра, собиқ депутат Қозоғистон ЖКнинг 234-моддаси (“Иқтисодий контрабанда”) ва 264-моддаси (“Уюшган трансмиллий гуруҳ ташкил қилиш ва унга раҳбарлик қилиш”) билан айбдор деб топилган.
Шунингдек, суд жиноятчига жазо муддатини ўтаб бўлгандан сўнг Қозоғистон ҳудудига 5 йил муддатга киришни тақиқлаган.
Прокурорнинг суд музокарасида сўзлаган нутқига кўра, 2016 йил ноябрь ойида Жогорку Кенеш собиқ депутати уюшган трансмиллий жиноий гуруҳни ташкил этган. Ушбу гуруҳ халқ истеъмолидаги товарларни жуда кўп миқдорда Қирғизистондан Қозоғистон ва Россияга контрабанда қилиш билан шуғулланган.
Атамбаев ҳибсга олиндими? Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси маълумот берди
Дамирбек Асилбек уулу ўтган йил февраль ойида махсус операция чоғида қўлга олинган. У 2015 йилда “Қирғизистон” фракциясидан Жогорку Кенеш депутати этиб сайланган. У қўлга олингандан сўнг қозоқ фуқаролигига ҳам эга эканлиги ойдинлашиши билан депутатлик мандатидан маҳрум қилинган.