ТОШКЕНТ, 25 апр – Sputnik. Қозон шаҳрида XI-чи “Россия – Ислом дунёси” халқаро саммити ўтказилди. Унда Россия президенти Владимир Путин иштирок этди.
Россия етакчиси ўз нутқида, мусулмон давлатлар билан иқтисодий муносабатлар тизимини янада адолатли ва ўзаро манфаатли қилиш жуда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
“Халқаро иқтисодий алоқалар тизимини қандай янада адолатли ва ўзаро манфаатли қилиш, буйруқбозлик ва адолатсиз рақобатдан холи қилиш ҳақида ўйлаб кўриш керак”, - деди Россия президенти.
Путин саммитда иштирок этувчи давлатлар ўртасида савдо-инвестицион ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, кўплаб долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш борасида ўз фикрларини айтди.
Эслатиб ўтамиз, “Қозон Экспо” кўргазма марказида “Россия- Ислом дунёси: KazanSummit” халқаро иқтисодий саммит доирасида Россияда энг йирик ҳалол саноати Russia Halal Expo 2019 халқаро кўргазмаси очилди.