ТОШКЕНТ, 25 апр – Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Владивостокда КХДР раҳбари Ким Чен Ин билан ўтказилган Россия-Корея музокараларидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида чиқиш қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилмоқда.
Журналистлар олдида чиқиш қилган Россия етакчиси куни кеча Украинада бўлиб ўтган сайлов натижалари бўйича ўзининг илк муносабатини билдирди.
“Бу Порошенко сиёсатининг тўлиқ барбод бўлиши. Тўлиқ ва мутлақо. Ишончим комилки, янги ҳукумат буни тушуна олмайди”, - деди Путин.
Анжуман давомида Путин Украина президенти сайловида ғалаба қозонган Владимир Зеленский даврида Россия-Украина муносабатлари қандай давом этиши мумкинлиги тўғрисидаги фикрларини ҳам билдириб ўтган. Унинг сўзларига кўра, Москва ва Киев муносабатлари Украина янги раҳбарининг олиб бормоқчи бўлган сиёсатига боғлиқ бўлади.
“Биз муносабатларни тўла тиклаш тарафдоримиз, аммо биз буни фақат бир томонлама қила олмаймиз”, - дея маълум қилди Путин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владивостокда Россия ва КХДР етакчиларининг биринчи саммити ўз якунига етгани ҳақида хабар қилган эдик. Музокаралар 3,5 соатдан ортиқ давом этди. Икки давлат раҳбари 2 соат юзма-юз суҳбатлашишди.
21 апрель, якшанба куни Украинада президент сайловининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Сайлов натижасига кўра президентлик лавозими учун кураш олиб борган Владимир Зеленский сайловчиларнинг 73 фоиздан кўпроқ овоз тўплашга муваффақ бўлди.