Порошенко Зеленскийнинг инаугурация маросимини бузмоқчи - ОАВ

Сайлов расмий натижалари 30 апрель куни эълон қилиниши, инаугурация эса 3 июнгача бўлиб ўтиши керак.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik. Петр Порошенко тарафдорлари Украинанинг янги сайланган президенти Владимир Зеленскийнинг инаугурация  маросимини бузмоқчи, деб хабар қилмоқда Страна.ua нашри.

Бунинг учун Порошенко жамоаси Украина Конституцион суди раҳбари Станислав Шевчукни истеъфога чиқармоқчи. Украина қонунларига мувофиқ янги сайланган президент ваколатларини инаугурация маросимида Конституцион суд раҳбари қабул қилади. Агар ушбу лавозимда ҳеч ким бўлмаса, янги раҳбар тайинлангунига қадар, инаугурацияни кечиктиришга тўғри келади.

Зеленский қачон расман Украина президенти бўлади?

Украина қонунларига кўра, Конституцион суд раҳбарини ҳеч ким лавозимидан бўшатиш ҳуқуқига эга эмас. У фақат судья мақомини йўқотганда ишдан кетиши мумкин.

Хабарда айтилишига кўра, Порошенко жамоаси Конституцион суд раҳбари Станислав Шевчукни судья мақомидан маҳрум қилиш учун муҳокама ва овоз беришни 25 апрелга мўлжаллаган.  Лекин бунинг учун Шевчук бир неча баробар қўпол қоидабузарликлар амалга оширгани ва ўз мажбуриятларини доимий равишда бажармаган  бўлиши керак.  

Нашр ёзишича, Шевчук ҳақида таалуқли ҳужжат аллақачон тайёрланган. Уни судьялик мақомидан маҳрум қилиш учун Конституцион суднинг 18 аъзосидан 12 нафари овоз бериши керак.

Эслатиб ўтамиз, ўтган якшанба куни бўлиб ўтган Украина президент сайловида актёр Владимир Зеленский Порошенкодан салкам 3 баравар кўп овоз тўплади – 73 %. Сайлов расмий натижалари 30 апрель куни эълон қилиниши, инаугурация эса 3 июнгача бўлиб ўтиши керак.