ТОШКЕНТ, 24 апр - Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Донецк ва Луганск вилоятлари аҳолисига Россия фуқаролигини олиш жараёнини осонлаштирди, деб хабар қилмоқда расмий Кремль сайти.
“Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятлари ҳудудларида доимий яшовчи кишилар учун Россия фуқаролигини олишнинг соддалаштирилган тартиби ўрнатилсин, “Россия фуқаролиги ҳақида” номли 62-сонли Федерал қонуннинг 8 бандига асосан”, - дейилган ҳужжатда.
Хабарда айтилишига кўра, ушбу қарор халқаро ҳуқуқ нормаларига асосан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида имзоланган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида Украина ўз ҳудудига 16 ёшдан 60 ёшгача бўлган Россия фуқароларининг киришини таъқиқлаб қўйган эди. Бунга жавобан Россия ҳеч қандай чеклов киритмаслигини, аксинча Украина фуқаролари учун Россия фуқаролигини олиш жараёнини осонлаштиришини эълон қилган эди.
Айни дамда Россияда бир миллиондан ортиқ Украина фуқаролари истиқомат қилмоқда. Уларнинг аксарияти Украинанинг шарқий ҳудудларидан. Улар Россия ҳудудида, патент ёки яшашга рухсатнома асосида истиқомат қилади. 77 минг киши “вақтинча қочқин” мақомига эга.