Тошкентда Корней Чуковский асари ўзгартириб чоп этилди

Тошкентдаги нашриётлардан бири машҳур ёзувчи асарида Ленинград сўзини Санкт-Петербург деб ўзгартириб чиқарди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 апр — Sputnik. Тошкентда жойлашган нашриётлардан бири таниқли болалар ёзувчиси Корней Чуковскийнинг асарини ўзгартириб босмадан чиқарди, бу ҳақида Потребитель.уз группаси фойдаланувчилари хабар қилган.

Гап, хусусан 93 йил олдин, 1926 йилда ёзилган “Бармалей” асари ҳақида кетмоқда:  

“Если он вправду сделался добрее,
Отпустите его, пожалуйста, назад!
Мы возьмем с собою Бармалея,  
Увезем в далёкий Ленинград”   

 

Ўрнига  “Увезем в далёкий Санкт-Петербург”, -  деб  ёзишган.

Айни дамда ушбу китоб интернетдаги бир неча гуруҳларда қизғин муҳокама қилинмоқда. Кўпчиллик, муаллифлик ҳуқуқларини бузилгани ва “Санкт-Петербург” сўзи ушбу шеърнинг қофиясига ҳам мос келмаётганини қайд этган.

“Ленинни шунчалик ёмон кўришаркан, ҳеч бўлмаса Петроград деб ёзса бўларди”, - деб изоҳ қолдирган фойдалаувчилардан бири.    

Sputnik мухбири ушбу китоб муқовасида кўрсатилган телефон рақамлари орқали Қатортол кўчасида жойлашган “Янги аср авлоди”  нашриёти билан боғланди. Нашриёт шундай китоб ҳақиқатдан 2017 йилда чоп этилганини маълум қилишди. Сатрлар ўзгартирилгани борасида кейинроқ изоҳ беришларини маълум қилишди. 

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг шимолий пойтахти - Санкт-Петербург шаҳри 1924 йилга қадар Петроград деб номланган. В.И. Ленин вафотидан 4 йил ўтиб 1924 йилда шаҳар номи Ленинград деб ўзгартирилган. 1991йилда СССР тарқалиб кетганидан кейин шаҳарга унинг энг биринчи номи – “Санкт-Петербург” қайтарилган.

Ҳа айтмоқчи, тақдир тақозоси билан, айнан бугун – 23 апрель "Умумжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқлари куни" нишонланмоқда. Ушбу кун ЮНЕСКО томонидан 1995 таъсис этилган.