Тошкент бир кун автомобиллардан воз кечади

Бундан мақсад атроф муҳитга ёқилғи ёқилишидан ҳосил бўладиган заҳарли газ чиқиши ва тарқалишини камайтириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдир.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 апр — Sputnik. Бу йил Тошкентда “Автомобилсиз кун” акцияси ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди. 

Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Элбек Шукуров акцияни ўтказиш масалаларини Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси вакиллари билан муҳокама қилди.

Наманганда велосипед ва мотоцикллар ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади

“Ҳамкорлик бўлими бошлиғи Франсуа Бежо Европада ўтган асрнинг 70 йилларидан ўтказилиши бошланган автомобилсиз кун ғояси ҳозирда 54 та давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганини таъкидлаб, бу борада Ўзбекистон, хусусан, Тошкент билан биргаликда иш олиб бориш таклифини билдирди”, - дейилади хабарда.

Франсуа Бежонинг таъкидлашича, Европада ҳар йили сентябрь ойининг учинчи ҳафтасида автомобилсиз кун тадбирлари ўтказилади. Бундан мақсад атроф муҳитга ёқилғи ёқилишидан ҳосил бўладиган заҳарли газ чиқиши ва тарқалишини камайтириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдир. Тадбир доирасида автомобиллар ўрнига велосипедда ёки пиёда юришни тарғиб қилувчи турли акциялар ўтказилади.

Халқаро автомобилсиз кун (World Carfree Day) ҳар йили 22 сентябрда дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатларида, жумладан, Россия, Англия, Францияда ўтказилади.

Россиянинг Белгород шаҳри 2005 йилда акцияга биринчилардан бўлиб қўшилган. Москвада акция 2008 йилдан буён ўтказилади.