Ўзбекистонликлар уч ой ичида асосан қайси касалликлардан вафот этишган?

Давлат статитистика қўмитаси 2019 йилнинг январь-март ойларида мамлакатдаги ўлим ҳолатларига қайси касалликлар сабаб бўлганини маълум қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 апр - Sputnik. Ўзбекистон Давлат статитистика қўмитаси 2019 йилнинг январь-март ойларида мамлакатдаги ўлим ҳолатларига қайси касалликлар сабаб бўлганини маълум қилди. 

Давлат статитистика қўмитаси ҳисоботида қайд этилишича, 2019 йилнинг январ-март ойларида 37,1 мингта ўлим қайд этилган бўлиб, мос равишда 1000 аҳолига нисбатан ўлим коэффициенти 4,5 промиллени ташкил этди, 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 0,2 промиллега камайган (2018 йилнинг январ-март ойларида 4,7 промилле бўлган). Уч ой мобайнида 20,7 минг нафар эркак ва 16,4 минг нафар аёл вафот этган.

Ўзбекистон нотўғри овқатланишдан ўлим ҳолатлари даражаси бўйича “етакчи” бўлди

Ушбу даврда қайд этилган ўлимларнинг 63,8 %и - қон айланиш тизими касалликларидан, 9,0 %и - ўсимталардан, 5,2 %и - овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 5,1 %и - нафас олиш аъзолари касалликларидан, 4,3 %и - бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан,1,4 %и - юқумли ва паразитар касалликлардан ҳамда 11,2 %и - бошқа касалликлардан вафот этган.

Рўйхатга олинган 1 ёшгача вафот этган болалар сони 1,6 минг нафарни ташкил этиб, уларнинг 52,1 %и - перинатал даврда юзага келадиган ҳолатлардан, 20,3 %и - нафас олиш аъзолари касалликларидан, 16,0 %и - туғма аномалиялардан, 2,1 %и - бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 2,1 %и - юқумли ва паразитар касалликлардан, 0,7 %и - овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан ва 6,7 %и - бошқа касалликлардан вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси доимий аҳолиси сони 2019 йил 1 апрел ҳолатига 33 млн 375,8 минг кишини ташкил этиб, 2019 йил бошидан 120,3 минг кишига ёки 0,4 фоизга ўсгани ҳақида хабар қилган эдик.