Тошкентда Санкт-Петербург кунлари бўлиб ўтади

Санкт-Петербург Ташқи алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари Сергей Марков Ўзбекистон, хусусан, тошкентликларнинг меҳмондўстлигини эътироф этган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 апр - Sputnik. Тошкент шаҳар ҳокимлигида Санкт-Петербург Ташқи алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари Сергей Марков билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси ҳудудлари ва Россия Федерацияси субъектлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари икки мамлакат минтақалари ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим, Стратегик шериклик тўғрисидаги ҳамда Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномалар ва бошқа қатор ҳужжатлар асосида ривожланмоқда. 

Руслар Ўзбекистонда ахил-иноқ ҳаёт кечирмоқда - Самарқанд ҳокими

Хабарда ёзилишича, Санкт-Петербург Ташқи алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари Сергей Марков Ўзбекистон, хусусан, тошкентликларнинг меҳмондўстлигини эътироф этиб, пойтахтга амалга ошираётган сафари давомида Тошкентнинг диққатга сазовор жойларини кўриш, тарихи улуғ қадим ва навқирон шаҳарнинг ҳаёти билан танишиш ниятида эканлигини айтиб ўтган.

“Мулоқот давомида томонлар 2019 йилда Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган Санкт-Петербург кунлари тадбирларини юқори савияда ташкил этиш борасида  фикр алмашишди”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, учрашувда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Санкт-Петербург ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамда маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид таклифлар ҳам кўриб чиқилган.