Тошкент ҳокимияти тадбиркорга 7 миллиард сўм тўлайди

Савдо-саноат палатаси ёрдамида Тошкент ҳокимиятидан хусусий компания фойдасига давлат эҳтиёжлари учун олинган мол-мулк учун 7,2 миллиард сўм ундириб олинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 апр - Sputnik. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хусусий корхонага тегишли бўлган мол-мулкнинг давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши билан боғлиқ бўлган аризани кўриб чиқди, деб хабар қилмоқда муассаса матбуот хизмати.

Мирзиёев Савдо-саноат палатаси фаолиятини тубдан ўзгартирувчи фармон имзолади

Давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган мол-мулк эвазига Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан тадбиркорга Чилонзор ва Мирзо Улуғбек туманларида жойлашган бинолар берилган. Лекин экспертлар баҳолашига мувофиқ, олиб қўйилган мол-мулк қиймати 12,5 миллиард сўмдан кўпроқ бўлган, ўрнига тақдим этилаётган иншоотларнинг умумий қиймати эса 5,2 миллиард сўм атрофида.

Ушбу муносабат билан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан хусусий компания манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлигидан 7,2 миллиард сўм ундириш ҳақида қарор чиқарган.

Тошкент шаҳар туманлароаро иқтисодий суди томонидан Савдо-саноат палатаси қарори тўлиқ тасдиқланган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ООО SMILE HEALTHY CHILDREN компаниясига 7,2 миллиард сўм тўлов амалга ошириши керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада ҳам шунга ўхшаш воқеа содир бўлган эди. Суд аралашганидан сўнг пойтахт ҳокимияти Universal Plast Montaj Engineering компаниясига олиб қўйилган ер мулки учун товон пули тўлашга мажбур бўлган эди.