Тошкентда фуқаро банкка кўп миқдорда қалбаки валюта олиб келди

Банкка топширилган 29 минг евро пул маблағлари қалбаки эканлиги аниқланган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 апр – Sputnik. Департаментнинг Миробод туман бўлими ҳамда туман ИИБ ходимлари ҳамкорликда, банк томонидан берилган хабарга асосан ўтказилган терговга қадар текширишда, фуқаро А.З. томонидан АТБ “Asaka bank” Юнусобод филиалига миллий валютага айрибошлаш учун тақдим этилган 58 дона 500 евро купюралик, жами 29 минг евро пул маблағлари қалбаки эканлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан А.З.га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 176-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Фарғонада 5000 АҚШ долларини қалбакилаштирган шахслар қўлга олинганди.

“Текшириш жараёнида фуқаро Х.Х.да қалбаки 50 долларлик купюралардан иборат 100 дона, жами 5000 АҚШ доллари мавжудлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган, шунингдек, Х.Х. ушбу қалбаки долларларни фуқаро Х.Т.дан олганлигини маълум қилган”, - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ўтказилган экспертиза ушбу қалбаки АҚШ долларлари компьютер воситасида рангли принтер ёрдамида тайёрланганлиги аниқлаган.