ТОШКЕНТ, 19 апр - Sputnik. Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Владимир Тюрденев бугун пойтахтда бўлиб ўтган россиялик ватандошлар биринчи минтақавий анжуманида шу кунларда 25 йиллик юбилейини нишонлаётган рус маданий марказини қутлади, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
"Чорак аср давомида Ўзбекистонда рус халқи маданияти, анъаналари ва тилини сақлаб қолиш бўйича улкан ишларни амалга оширган ҳамда энг обрўли жамоатчилик ташкилотларидан бирига айланишга муваффақ бўлган ушбу марказ раҳбариятини муборакбод этишни хоҳлардим", - деди элчи ўз табрик нутқида.
"Москва ватандошлар уйи" раҳбари Пётр Гладков эса тадбир давомида икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда кенгайтиришга қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон Рус маданий маркази раиси Сергей Мироновга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғасини топширди.
Эслатиб ўтамиз, Рус маданий маркази 1994 йилда ташкил топган бўлиб, жорий йилда 25 йиллик юбилейини нишонламоқда. Унинг ҳудудий бўлинмалари нафақат рус халқи, балки бошқа кўплаб миллатлар вакилларини бирлаштириб туради. Хоҳловчилар бу марказда рус тили ва тарихи, адабиёти, рус анъаналари ва урф-одатларини ўрганишлари мумкин.
Бугунги кунда марказ томонидан кам таъминланган кишиларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ёшларни байналминал руҳда тарбиялашга катта эътибор қаратилмоқда. Марказ қошида "Ёш авлод" бўлинмаси фаолият юритади.