ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. Париждаги Нотр-Дам ибодатхонасида ёнғин келиб чиқишига қисқа туташув сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда РИА Новости Ассошиэйтед Прессга таянган ҳолда хабар қилмоқда.
Хабарда ёзилишича, терговчилар ёнғин тасодифан содир бўлганини тахмин қилишмоқда. Шу билан бирга Нотр-Дам ибодатхонасини таъмирлаш ишлари билан шуғулланган барча ходим ва мутахассислар сўроқ қилинмоқда.
15 апрель куни Парижда содир бўлган бахтсиз ҳодисада Нотр-Дам де Пари собори қисман куйиб кул бўлди. Бир неча соат давом этган ёнғин Биби Марям соборининг минораси, соати ва томини йўқ қилган. Соборнинг ичидаги ёғоч қурилмалари ҳам куйиб кул бўлган.
Франция ОАВлари маълумотларига кўра, ёнғин таъмирлаш ишлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Париж шаҳри прокурори ибодатхонага атайлаб ўт қўйилмаганини маълум қилган. Ҳозирда тасодифан ёнғин келиб чиқиши асосий сабаблардан бири сифатида кўрсатилмоқда.
Нотр-Дам де Пари 12-14 асрларда барпо этилган бўлиб у Эйфель минораси каби Париж тимсолларидан бири эди. Ҳар йили уни томоша қилиш учун миллионлаб туристлар келишар эди. Яна миллионлаб кишилар эса уни томоша қилишни орзу қилишар эди.