ТОШКЕНТ, 19 апр – Sputnik. Жорий йилнинг 17 апрель куни Франциянинг Рюэй-Мальмезон шаҳридаги “Дўстлик” паркида ўзбек боғи ва буюк қомусий олим Абу Али ибн Сино шарафига ёдгорлик ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Маълум бўлишича, Бухоро вилоят ҳокими Ўктам Барноев бошчилигидаги делегациянинг Францияга ташриф жараёнида делегация аъзолари Рюэй-Мальмезон ва Бухоро шаҳарлари ўртасида 20 йилдан буён давом этиб келаётган биродарлик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўналишлари ҳақида музокаралар ўтказишган.
Анжуманда Бухоронинг мусиқа ва рақс санъати ноёб намуналари намойиш этилди ва унда 500 дан ортиқ иштирокчи қатнашди. Шаҳарда делегация аъзолари учун бизнес Форум ҳам ташкил этилди.
Шунингдек, Францияда энергетика, виночилик, савдо ва туризм йўналишида етакчи компанияларнинг вакиллари билан музокаралар ўтказилди.