Тошкентдан уй сотиб олганлар кимни пропискага қўйиши мумкин?

ИИББ Тошкентда уй сотиб олганлар кимларни пропискага қўйиши мумкинлигини тушунтириб берди. 
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 апр – Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ журналистларнинг қуйидаги саволига жавоб берди:

Тошкентдан янги уй сотиб олган фуқаро, нима сабабдан у ерда ўзининг вояга етган фарзандларини ва уларнинг вояга етмаган болаларини рўйхатдан ўтказа олмайди?

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий прописка қилиш тартиби такомиллаштирилди

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлда эълон қилинган 527-сонли қарорининг 1 бандига асосан, Тошкентда уй сотиб олган фуқаролар кўчмас мулкни нотариал расмийлаштирилиб, давлат реестридан ўтказганидан сўнг у ерда доимий рўйхатдан (прописка) ўтишлари мумкин.  

Ушбу турар жойга рўйхатга қўйиш, 2011 йилнинг 14 сентябрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг 296-сонли “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга қўйилиши мумкин бўлган шахслар тўғрисидаги” қонунига асосан амалга оширилади.

Ўзбекистон ИИВнинг Миграцияни ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармасининг 2017 йилнинг 14 декабрида эълон қилинган 22/25297 сонли кўрсатмасига асосан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга қўйилган жисмоний шахслар ўзлари сотиб олган турар жойга фақат қуйидаги қариндошларини рўйхатдан ўтказишлари мумкин:

  • Турмуш ўртоғини;
  • Вояга етмаган фарзандларини;
  • Ўз оиласига эга бўлмаган болаларини;
  • Олдинги никоҳда пайдо бўлган болаларини;
  • Никоҳсиз туғилган ёки асраб олинган болаларини.

Шу билан ушбу рўйхат қатъий чекланган.

Журналистлар сўраган шахснинг фарзанди вояга етган ва ўз оиласига эга бўлганлиги сабабли унга ва унинг вояга етмаган болаларига Тошкентда доимий рўйхатдан ўтишга рухсат берилмаган, дейилган ИИББ хабарида.