Эски уйлар бузилиб, янгилари қурилмоқда: Жиззах янги қиёфага эга бўлмоқда

Жиззах вилоятида аҳоли учун қулай муҳит яратиш билан бирга, бандликни таъминлаш, ҳар бир ҳудуд ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш мақсадида йирик қувватли завод ва корхоналар ташкил этишга ҳам катта эътибор берилаяпти.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 апр - Sputnik. Жорий йил январь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига сафаридан кейин вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди, деб хабар қилди "Халқ билан мулоқот" гуруҳи Фейсбукдаги саҳифасида.

Жиззах вилояти ўз брендига эга бўлди – фото

Таъкидланишича, амалий ишлар вилоят маркази Жиззах шаҳридан бошлаб, туманлар марказлари ҳамда чекка ҳудудларга қадар кенг қулоч ёйган. Хусусан, Зарбдор туманида янги уй-жойлар барпо этиш, мавжудларини таъмирлаш, ижтимоий соҳа объектлари, йўллар ва пиёдалар йўлаклари, аҳолига хизмат кўрсатиш ва дам олиш масканлари тармоқларини юзага келтириш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш билан боғлиқ катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ишларига киришилган.

Эски Бўстон аҳоли масканида 500 иш ўрнига эга бўладиган тикувчилик корхонаси қурилиши олиб бориляпти. Мазкур корхонада асосан шу ерда яшовчи, ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқаролар иш билан банд бўлади. Тумандаги хотин-қизлар ўртасида ишсизлик даражаси энг юқори бўлган "Шарқ юлдузи", "Тараққиёт", "Янгикент", "Оқар" қишлоқларида Мирзачўл тажрибаси асосида 250 иш ўрнига эга бўлган 4 та тикувчилик цехи ташкил этилади.

Вилоятнинг катта салоҳиятга эга туманларидан бири бўлган Зоминда Туркия технологияси асосида бир кунда 400 метр куб оқава сувни зарарсизлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланишга йўналтиришга мўлжалланган сув тозалаш иншооти ўрнатилган. Шунингдек, туманда аҳоли учун қулай муҳит яратиш билан бирга, бандликни таъминлаш, ҳудуд ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш мақсадида йирик қувватли завод ва корхоналар ташкил этишга ҳам катта эътибор берилаяпти.

Жиззах вилояти туманларига Зарафшон дарёсидан ичимлик суви олиб келинади

Жумладан, Даштобод шаҳарчасида узоқ йиллар бўш ётган 40 гектар ерда барпо этилаётган "Зомин-цемент" корхонаси шаҳарчадаги илк саноат корхонаси бўлади. 136 миллион 700 минг евро қийматидаги мазкур ноёб лойиҳанинг амалга оширилиши 400-чидан 700-чи маркагача бўлган юқори сифатли цемент ишлаб чиқариш имконини беради.

"Лайлакуя" қишлоғида яна бир йирик корхона – "Зомин махсус плита" заводи қурилиши жадал олиб борилмоқда. Испания билан ҳамкорликда ташкил этилаётган мазкур саноат объектида уй-жой қурилиши учун темир-бетон маҳсулотлари тайёрланади. 12 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳа доирасида Испания ва Италиядан келтирилган энг замонавий технологик линиялар ишга туширилади.

Эски уйлар бузилиб, янгилари қурилмоқда: Жиззах янги қиёфага эга бўлмоқда

Даштободда янги қувватларни ташкил этиш баробарида ҳудуд қиёфасини тубдан ўзгартиришга қаратилган ишларга ҳам фаол киришилган.  Ўтган асрнинг бошларида темир йўл бекати ва унга ёндош аҳоли пункти сифатида пайдо бўлган мазкур аҳоли пункти йиллар ўтиши билан шаҳарча мақомини олган бўлса-да, йиллар давомида бу ерда инфратузилмани яхшилаш, аҳоли учун қулай шароит яратиш борасида сезиларли бир иш қилинмаган. Шаҳарсозлик талабларига жавоб бермайдиган бино ва иншоотлар, тору танг кўчалар ўзгармасдан қолаверган.

"Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари унинг ҳаётида янги саҳифа очиб, чин маънодаги баҳорий янгиланиш, яшариш нафасини олиб келди. Дастлаб "Зиё" деб номланувчи марказий кўча бўйидаги эски, пастқам уйлардан воз кечилиб, уларнинг ўрнида барча шароитларга эга янги уйлар қад ростлади. Шаҳарчага кўрк бағишлаётган 134 та уйлар калити тез кунларда ўз эгаларига топширилади.