ТАШКЕНТ, 11 апр - Sputnik. Тошкентда 34-ёшли тадбиркор Анвар Раджабовга тан жароҳати етказган шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди, деб хабар қилмоқда Тошкент шаҳар ИИББ.
Бироз олдин маҳаллий ОАВларга асосан Тошкентда 34 ёшли тадбиркор калтаклангани ва "Прокуратура ушбу ҳолатни тўлиқ назоратга олмагани" ҳақида хабар берган эдик.
"8 апрелдан 9 апрелга ўтар кечаси тунги соат 1:30 лар атрофида Учтепа туман ИИБга Тошкент шаҳар касалхонасидан тан жароҳати олган киши ҳақида хабар келиб тушган.
Терговгача бўлган текширу натижасида Учтепа тумани 25 кварталида жойлашган собиқ 2-сонли таксопарк биносида жойлашган цехлар ишчилари орасида жанжал бўлгани аниқланган", - дейилган хабарда.
“Шовқинни эшитиб ишчиларни тинчлантириш учун тадбиркор Анвар Раджабов кўчага чиққан. Ўшанда ишчилар тадбиркорга шикаст етказган. Жанжалда қўшни цех ишчиларидан бошқа ҳеч ким иштирок этмаган. Четдан ҳеч ким тажовуз қилмаган”, - дейилган ИИББ хабарида.
Ушбу ҳолат юзасидан Учтепа туман ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 277 моддасининг 2 бўлими “а”, “б, “в” бандлари бўйича (безорилик) жиноят иши қўзғатилган.