Туғруқхонадаги жирканч жиноят: чақалоқ юз долларга сотилди

Чақалоқ бошқа фуқарога сохта ҳужжатлар расмийлаштириш орқали сотиб юборилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 апр – Sputnik. Янгийўл тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ бўлими жиноят содир этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.  

Хабарда айтилишича, департаментнинг Янгийўл шаҳар бўлими ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган текширишда, Янгийўл тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ бўлими акушер-гинекологи Р.Х., фуқаро З.Э.нинг 01.04.2019 йилда туғилган қиз фарзандини гўёки ўлди деб хабар бериб, бу ҳақда ҳеч қандай маълумот қайд этмасдан, 100 АҚШ доллари эвазига чақалоқни фуқаро С.М. дунёга келтирган деб, унинг номига туғруқ ҳақида сохта ҳужжатлар расмийлаштириш орқали сотиб юборганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу ой бошида Фарғонада 5 кунлик чақалоқни 500 долларга сотаётган ҳамширалар қўлга олинганлиги ҳақида хабар берилганди. 

Ўзбекистон туманининг тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқхона бўлими ҳамширалари А.И. ва Р.Қ.лар, фуқаро Г.Т.нинг  5 кунлик ўғил фарзандини туғруқхона бўлимида фуқаро М.Р.га 500 АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.