Оқ рангга бўялган тилла тўхтатиб қолинди

Тошкент вилоятида оқ рангга бўяб олиб чиқиб кетилаётган 1 килограммдан ортиқ тилла тўхтатиб қолинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 апр – Sputnik. “Навоий” чегара божхона постида заргарлик буюмларини яширин тарзда олиб ўтишга қарши тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар қилди Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, тадбирда мамлакатдан мазкур пост орқали чиқиб кетаётган фуқаро Ю.О. холислар иштирокида белгиланган тартибда назоратдан ўтказилди.

Натижада, фуқаро божхоначиларга маълум қилмасдан қўлбола усулда оқ рангга бўялган, жами оғирлиги 592,16 граммни ташкил қилувчи 207,2 миллион сўмлик 1 дона занжир ва  2 дона билагузукларни яширинча олиб ўтаётгани аниқланди.

Тошкент аэропортида қорага бўялган тилла ушланди

Шунингдек, тадбир давомида мамлакатдан қўшни давлатга чиқиб кетаётган яна бир фуқаро Ю.М. ҳам холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилди.

Натижада, унинг эгнидаги кийимбошидан қўлбола усулда оқ рангга бўялган, оғирлиги 601,89 граммни ташкил қилувчи 210,6 миллион сўмлик 1 дона тилла занжир ва 2 дона тилла билагузукларини яширинча олиб ўтишга уриниши фош қилинди.

Ҳозирда ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.