ТОШКЕНТ, 7 апр – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида кеча бошланган Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг тантанали очилиш маросимдаги нутқ сўзлади.
Сўз бошида президент ушбу фестивални ташкиллаштиришда кўмак берган халқаро ташкилотлар, Марказий Осиё давлатларининг маданият муассасалари раҳбарларига миннатдорлик билдирди.
Шундан сўнг президент бугунги глобаллашув замонида фольклор санъати сусайиб бораётгани ҳақида афсус билан гапирдди.
“Айни вақтда ҳозирги глобаллашув даврида, тижорат воситасига айланган “оммавий маданият”, шоу-бизнеснинг салбий таъсири тобора кучайиб бораётган мураккаб замонда ҳар қандай миллий маданиятнинг булоғи бўлган фольклор санъатига эътибор ва қизиқиш, афсуски, сусайиб бораётгани ҳам сир эмас. Ҳолбуки, фольклор санъати, таъбир жоиз бўлса, бу – инсониятнинг болалик қўшиғидир.
Мана шундай ноёб ва буюк санъат бугунги кунда шунчаки маданий ёдгорлик намунасига айланиб, кўп жойларда унутилиб кетаётгани, ҳимоя ва муҳофазага муҳтож бўлиб тургани – бу ҳам давримизнинг аччиқ ҳақиқатидир. Бу ҳақиқат ушбу гўзал ва бетакрор санъатнинг чинакам фидойилари сифатида сиз, азизларни ҳаммадан кўра кўпроқ ташвишга солаётганига ишонаман.
Шу сабабли тенгсиз маънавий бойлигимиз бўлмиш мумтоз санъатни, халқ ижодининг нодир намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уни келгуси авлодларга безавол етказиш жаҳондаги илғор фикрли олимлар ва санъаткорларнинг, давлат ва жамоат арбоблари, барча маданият аҳлининг эзгу бурчидир”, - деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган халқаро бахшичилик санъати байрамида дунёнинг 74 та давлатидан 160 дан зиёд вакиллар қатнашмоқда.
Шавкат Мирзиёев нутқи билан тўлиқ қуйида танишишингиз мумкин.