Ўзбекистонда фуқаролар йиғини раиси ва масъул котиби ойлиги оширилади

Фуқаролар йиғинлари томонидан фойдаланиб келинаётган давлат мулки бўлган бинолар фуқаролар йиғинларига мулк ҳуқуқи билан берилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 апр - Sputnik. Фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котиблари ойлик иш ҳақи жорий йил 1 майдан 1,25 бараварга ва 1 октябрдан 1,2 бараварга оширилади. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” каналида хабар қилинди.

Қайд этилишича, президент фармонига асосан фуқаролар йиғини қарорини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.

Фуқаролар йиғинлари томонидан фойдаланиб келинаётган давлат мулки бўлган бинолар фуқаролар йиғинларига мулк ҳуқуқи билан берилади.

Иш ҳақи, пенсия миқдорини аниқлаш тартибига доир президент фармони лойиҳаси тайёрланди

2019 йил 1 июндан фуқаролар йиғинлари ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашлари раисларининг биринчи ўринбосарлари томонидан амалга оширилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхатига киритилди.

“Mahalla” телерадиоканали фуқаролар йиғинлари фаолиятини ёритиш масалалари бўйича Республика кенгашининг бош ахборот ҳамкори этиб белгиланди.

2019 йил 1 июлгача фуқаролар йиғинлари юқори тезликдаги Интернет тармоғи миллий сегмент маълумотларини узатиш тармоғига уланади ҳамда улар учун имтиёзли тариф тасдиқланади. 2020 йил 1 январгача “Электрон ҳукумат” тизими доирасида “Маҳалла” электрон маълумотлар базаси ишга туширилади.