Пойтахтдаги учта бозорда фавқулодда чақирув тугмалари ўрнатилди

Синов якунларига кўра фавқулодда чақириш мажмуалари Тошкентнинг бошқа жамоат жойларига ҳам ўрнатилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. Тошкентнинг Чилонзор туманидаги “Чилонзор буюм савдо” ва “Дўстлик савдо мажмуаси” бозорлари ҳамда Шайхонтоҳур туманидаги “Тошкент савдо маркази” (ГУМ) ҳудудига синов тариқасида фавқулодда хизматларни чақириш тугмалари ўрнатилди. Бу ҳақда Тошкент ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Пойтахтдаги учта бозорда фавқулодда чақирув тугмалари ўрнатилди

Мажмуа кузатув камералари, микрофон ва чақирув тугмасидан ташкил топган. Тугма ва микрофон ўртасига оператор суҳбатдошини кўриши учун кичкина камера жойлаштирилган. Камера ИИБ ходимнини кўриш имконини беради. Қурилмадаги тахтачага фойдаланиш қўлланмаси туширилган.

Пойтахтдаги учта бозорда фавқулодда чақирув тугмалари ўрнатилди

Тошкент ИИББ матбуот хизмати маълум қилишича, “Чилонзор буюм савдо” бозорига ташриф буюрувчилар ушбу янгиликни муносиб равишда баҳолашга улгуришди. Бир неча кун илгари бир ёш йигит қурилмадаги тахтачага фойдаланиш қўлланмасидан фойдаланиб, икки аёл ўртасида жанжал юзага келгани ҳақида навбатчи ходимга хабар қилган.

Воқеа жойига ички ишлар органлари ва миллий гвардия наряди зудлик билан етиб келган. Аёллар ҳодиса сабабларини аниқлаштириш мақсадида ИИБ олиб кетилган.

Синов якунларига кўра фавқулодда чақириш мажмуалари Тошкентнинг бошқа жамоат жойларига ҳам ўрнатилади.