Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди

Жамғарма маблағларидан узумчилик ва виночиликни ривожлантириш учун фойдаланилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 апр - Sputnik. Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” телеграм канали орқали хабар қилинди.

2021 йил Самарқандда турли давлатларнинг моҳир винопазлари тўпланадилар

Низомга мувофиқ, Жамғарма маблағлари қуйидагилар ҳисобидан шакллантирилади:

- бюджетдан ажратиладиган субсидиялар;

-  корхоналарнинг алкоголли маҳсулотлар улгуржи савдоси соф фойдасидан 5 фоиз миқдордаги ажратмалар;

- “Энология лабораторияси” ДУК ва “Узумчилик ўқув маркази” ДУКнинг ажратмалари;

- халқаро кредитлар ва грантлар.

Ажратмалар ўз вақтида амалга оширилмаганда алкоголли маҳсулотлар савдоси билан шуғулланувчи корхона ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,01 фоиз пеня тўлайди.

Жамғарма маблағларидан узумчилик ва виночиликни ривожлантириш учун фойдаланилади.

Жамғарма маблағларини бошқариш ва тақсимлаш Агентлик директори томонидан тасдиқланган сметага мувофиқ амалга оширилади.

Агентлик директори қишлоқ хўжалиги вазирига Жамғарма маблағлари тўғрисида чораклик ва йиллик ҳисобот бериб туради.