Тошкентда замонавий автотураргоҳлар ва бекатлар ташкил қилинади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги тузилмаси таркибида “Тошкент транспорти” давлат унитар корхонасини ташкил этиш таклифини маъқуллаш кўзда тутилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 апр – Sputnik. “Тошкент шаҳрида йўл-транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тайёрланди.

Машиналарни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш ҳақида янги қарор тасдиқланди

Қарор лойиҳасида айтилишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ички ишлар вазирлигининг Тошкент шаҳар ҳокимлиги тузилмаси таркибида “Тошкент транспорти” давлат унитар корхонасини ташкил этиш таклифини маъқуллаш кўзда тутилган.

“Тошкент транспорти” корхонасининг асосий вазифалари:

- 2019-2021 йилларда жамоат транспорти бекатларининг ягона концепциясини жорий этиш, ушбу бекатларда ногиронлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, “WiFi” ва жамоат транспорти келишига  қолган вақтни кўрсатувчи электрон табло мавжудлиги инобатга олинади;

- автомобил тураргоҳларга автоуловларни киритиш (қолдириш) вақтида, инсон омилини истисно қилувчи, автоматлаштирилган ҳисоб-китоб ва тўлов тизимларини жорий этиш;

- Тошкент шаҳрининг парковка ҳудудини бошқариш бўйича ягона марказ ташкил этиш;  

- йўл ҳаракати қоидаларини бузган, парковка тўловини тўламаган, йўл транспорт ҳодисалар содир бўлган ҳолатларда автомобилларни эвакуция қилиш учун "Тошкент шаҳар ҳокимиятининг эвакуция хизмати"ни ташкил қилиш;

- шаҳар йўл-транспорт инфратузилмаси ва транспорт масалалари бўйича фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва қайта ишлаш бўйича ягона call-марказ ташкил қилиш;

- Тошкент шаҳрининг барча светофор объектларини онлайн режимида бошқариш бўйича ягона марказнинг “Йўл ҳаракати хавфсизлигини комьютерлаштирилган бошқарув тизими”ни ташкил этиш;

Қарор лойиҳаси 18 апрелгача муҳокама қилинади.

Эслатиб ўтамиз, янги автоматлаштирилган AutoCon-SC/M мажмуалари ёрдамида "Чорсу” бозори, бошқа бозорлар ва бекатларни нотўғри қўйилган автомашиналардан бўшатилиши ҳақида хабар бергандик.