Қирғизистонда Путинга совға қилинган от ва итнинг нархи ошкор этилмади

Россия президенти Владимир Путин Қирғизистонга ташриф чоғида Қирғизистон президенти Сооранбай Жээнбеков унга орлов оти ва тайган кучук боласини совға қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 апр – Sputnik. Қирғизистон президенти аппарати Владимир Путинга совға қилинган от ва итнинг нархи тўғрисида маълумотларни очиқламади.

Владимир Путин 28 март куни давлат ташрифи билан Қирғизистонга келганди.

Қирғизистон президенти Сооранбай Жээнбеков дўстлик белгиси сифатида Россия етакчисига орлов оти ва тайган – қирғиз бўрибосар ит боласини совға қилганди.

“Совға берганда, унинг нархи айтилмайди”, - деб таъкидлади Қирғизистон президент аппарати ташқи сиёсат бўлими мудири Дониёр Сидиков.  

Шунингдек, аппаратда совғалар кимнинг пулига сотиб олингани тўғрисида маълумот айтилмади.

Қирғизистонда тоза орлов зотли отнинг нархи 5 минг доллардан бошланиб, ярим миллион долларгача етиб бориши мумкин.

Тайган кучук боласининг нархи эса 100 доллардан 700 долларни ташкил қилади.