Шавкат Мирзиёевнинг Бухорога ташрифи бошланди

Давлат раҳбари Абдухолиқ Ғиждувоний мақбараси зиёрат этди ва мақбарада амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишларини кўздан кечирди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 мар – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 29 март куни Бухоро вилояти Ғиждувон туманига ташриф буюрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Давлат раҳбари Абдухолиқ Ғиждувоний мақбараси зиёрат этди ва мақбарада амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишларини кўздан кечирди. Бу ерга имом-хатибларни жалб этиб, уларга алломалар маънавий меросини тўғри ва чуқур ўргатиш, халққа етказиш бўйича топшириқлар берди. 

Шавкат Мирзиёев Бухорога жўнаб кетди

“Китобда ўқиш бошқа, зиёрат қилиб, юракдан ўтказиб ўрганиш бошқа. Бу жой маърифат маркази бўлиши, одамлар ўзига илм олиб кетиши керак”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти - ISESCO томонидан Бухоро шаҳри 2020 йилда Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинди.

Президент бу санага юқори даражада тайёргарлик кўриш, унинг доирасидаги тадбирларни Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллиги билан ҳамоҳанг нишонлаш, халқаро илмий конференция ўтказиш бўйича кўрсатмалар берди.