ТОШКЕНТ, 29 мар – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Вобкент туманидаги Ekvatorial Chodak group корхонаси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.
“Япония, Италия, Туркия ва Хитойдан беш юздан зиёд замонавий тикув машинаси ҳамда дастгоҳлар ўрнатилиб, йилига 1 миллион 500 минг донагача жинси шим ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бугунги кунда корхонада 500 нафарга яқин хотин-қиз меҳнат қилмоқда”, - дейилади хабарда.
Узоқ йиллар фойдаланилмай турган бино Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг 3 миллион доллар имтиёзли кредити ҳамда лойиҳа ташаббускорларининг 2 миллион доллар миқдоридаги маблағи эвазига қайта тикланган.
Давлати раҳбари технологик жараёнлар билан танишиб, маҳсулотлар сифатини кўздан кечирди. Корхона ишчилари билан мулоқот қилди. Иқтисодий соҳадаги барча чора-тадбирлар, саъй-ҳаракатлардан мақсад халқни рози қилиш, аҳолини, хотин-қизларни иш билан таъминлаш эканини таъкидлади.
Корхонада кийим-кечакларни бўяш ва уларга қайта ишлов бериш цехи ташкил этилган. Бу вилоятдаги турдош корхоналарга шартнома асосида хизмат кўрсатиш ҳисобига, қўшимча фойда олиш имконини беради.
Яқинда бу ерда пойабзал ишлаб чиқариш корхонаси ҳам ишга туширилди. Италиянинг замонавий ускуналари ўрнатилиб, йилига 600 минг донагача маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти яратилди. Лойиҳа қувватлари тўла ўзлаштирилгач, ишчи-мутахассислар сони қарийб минг кишига етади.