Хитойда таҳқирланган яна бир аёл Ўзбекистонга қайтарилди

Жабрдийда сўзларига кўра, Хитойга етиб борганидан буён оғир ижтимоий шароитда яшаган, унга овқат беришмаган, уришган, таҳқирлашган ҳамда паспортини олиб қўйишган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 мар – Sputnik. 2019 йилнинг 26 март куни Ўзбекистоннинг Шанхай шаҳридаги (Хитой) Бош консулхонаси мамлакат фуқароси Мафтуна Холматованинг ушбу шаҳар туманларидан бирида мажбуран ушлаб турилганлиги тўғрисида маълумот олиб маҳаллий полиция ҳокимиятига расмий мурожаат қилган. 

ТИВ расмий хабарига кўра, натижада Ўзбекистон фуқароси жойлашган манзили аниқланган ҳамда у билан консуллик ходимлари учрашган.

Хитойлик йигитга турмушга чиқиб, таҳқирланган қиз Ўзбекистонга қайтарилди – видео

Ушбу Ўзбекистон фуқаросининг хабар беришича, у 2018 йилнинг июнь ойида Наманган шаҳридаги никоҳ агентлиги воситасида ХХР фуқароси Яо Венхао билан танишади ҳамда ваъдаларига ишониб расмий никоҳни қайд этгандан сўнг Хитойга турмуш ўртоғининг ёнига учиб кетади. Унинг сўзларига кўра, етиб борганидан буён оғир ижтимоий шароитда яшаган, унга овқат беришмаган, уришган, таҳқирлашган ҳамда паспортини олиб қўйишган. У ўзига етказилган азиятларга чидолмай бир неча марта қочишга уринган.

Полиция бўлими бошлиғи ҳам иштирок этган суҳбатдан сўнг Ўзбекистон фуқароси Бош консулхонага топширилган. 28 март куни Пекин шаҳри орқали учган авиарейсда аёл Тошкентга етиб келди.

Бошқа мамлакатларда Ўзбекистон фуқаролари билан содир бўлган бу каби фактлар ягона эмаслигини инобатга олиб, ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти Ўзбекистон фуқароларига узоқ муддатга хорижий давлатга борганда Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида консуллик ҳисобида туришни ҳамда бу каби ва бошқа мураккаб ҳаётий вазиятларда уларга мурожаат қилишни қатъий тавсия этади. Бундай ҳолатларда миллий паспортни бошқа шахсларга бериш мумкин эмас.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хитойлик йигитга турмушга чиқиб, ўзга юртда турли қийинчиликларни бошидан кечирган ва таҳқирланган наманганлик қиз Ўзбекистонга қайтарилгани ҳақида хабар қилган эдик.