Шавкат Мирзиёев БААдаги “Masdar City” технопарки билан танишди

Технопарк ҳудудига автомобиллар кириши тақиқланган. Манзилларга ҳайдовчисиз бошқариладиган электр транспортларида борилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 мар - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Masdar City” технопаркига ташриф буюрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Дубай амири Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи ҳақида ўзбек тилида твит ёзди

“Masdar City” замонавий технологиялар ва муҳандислик ютуқлари асосида бунёд этилган инновацион шаҳарчадир. 600 гектарни эгаллаган технопарк экологик тоза ҳудуд ҳисобланиб, бу ерда фақатгина муқобил энергия – қуёш батареялари ва фотоэлектр қурилмаларидан фойдаланилади. Ҳудудга автомобиллар кириши тақиқланган. Манзилларга ҳайдовчисиз бошқариладиган электр транспортларида борилади.

Шавкат Мирзиёев қуёш панеллари ишлаб чиқариш бўйича илмий изланишлар олиб бориладиган лаборатория фаолияти билан танишди. Бундай масканлар фан-техника ютуқларидан унумли фойдаланган ҳолда инсониятнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш, мамлакатлар ўртасида илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.

Давлати раҳбари Халифа университетида мазкур соҳада илмий изланиш олиб бораётган ўзбекистонлик талаба қиз билан суҳбатлашди. Бу ерда олган билим ва тажрибаларини Ўзбекистонда татбиқ этиб, мамлакатда муқобил энергетикани ривожлантиришга ҳисса қўшиш муҳимлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев БААдаги “Masdar City” технопарки билан танишди