Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларига жўнаб кетди

Президент ташрифи якунида Ўзбекистон ва БАА орасида инвестициялар, молия, қишлоқ хўжалиги, божхона ва меҳнат ресурслари соҳаларда ҳамкорлик ҳақида келишувлар имзолаш кўзда тутилган. 
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 мар - Sputnik. Шавкат Мирзиёев БААга жўнаб кетди, бу ҳақида президент матбуот хизмати хабар қилмоқда.   

"Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 24 март куни расмий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти - Абу-Даби шаҳрига жўнаб кетди", - дейилган хабарда.

Ташриф доирасида Ўзбекистон президенти БАА Қуролли кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён ҳамда БАА вице-президенти, Бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан учрашув ўтказиши ҳамда “Масдар-сити” технопарки ва бошқа қатор саноат, ижтимоий объектларга ташриф буюриши режалаштирилган. 

Ташриф якунида БАА ва Ўзбекистон ўртасида Қўшма баёнот қабул қилиш, инвестициялар, молия, қишлоқ хўжалиги, божхона маъмуриятчилиги, меҳнат ресурслари ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка оид келишувлар имзолаш кўзда тутилган.