ОПЕК фонди Наманган вилояти учун 54 миллион $ имтиёзли кредит ажратди

ОПЕК фонди Наманганда 200 минг кишини ичимлик суви билан таъминлаш учун 54 миллион $ имтиёзли кредит ажратди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 мар – Sputnik.Нефт экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (ОПЕК) қошидаги Халқаро ривожланиш фонди (ОФИД)  Наманган вилояти аҳоли пунктларига ичимлик суви етказиб бериш лойиҳаси учун 54 млн $ имтиёзли кредит ажратишини хабар қилди.

Бу ҳақида ОФИД Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси хабардор қилган, Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига асосан.

“2019-йилнинг 22-март куни ОПЕК қошидаги ОФИД фонди Бошқарувчилар кенгаши томонидан Янгиқўрғон туманининг 22 та аҳоли пунктлари ва қисман Наманган шаҳрини ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган умумий қиймати 54 млн. АҚШ долларига тенг бўлган лойиҳанинг тасдиқлангани тўғрисида Ўзбекистоннинг Австриядаги Элчихонаси хабардор қилинди,”, - дейилган хабарда.

Лойиҳани амалга ошириш 2020-2025-йилларга мўлжалланган. Лойиҳа ҳаётга тадбиқ этилганидан сўнг, Наманган вилоятининг 200 мингдан ортиқ асосан қишлоқ жойларида яшовчи аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Ушбу имтиёзли кредит Наманган вилоятига беш йиллик имтиёзли муддат билан 20 йилга берилади.