ТОШКЕНТ, 22 мар - Sputnik. Ўтган йилнинг 3-ноябрида AIBA Халқаро хаваскор боксчилар уюшмаси президенти этиб сайланган ўзбекистонлик Ғофур Раҳимов ўз лавозимидан кетди. Бу ҳақда уюшма расмий сайтида маълумот берилган.
Расмий баёнотда айтилишича, Раҳимов бу қарорни ўз хоҳиши билан қабул қилган.
У шунингдек, 25 йиллик фаолияти давомида боксда жуда кўп нарсаларга эришганини ва бундан фахрланишини айтган.
Раҳимов ўз расмий баёнотида бу қарорга келишига сиёсий ҳолат сабаб бўлганини айтган.
"...мен шу пайтгача сиёсат ва спортни алоҳида кўришга ҳаракат қилиб келдим. Лекин бу уринишларга қарамай, сўнгги бир неча ой давомида олимпия бокси атрофида кўплаб мунозаралар бўлди. Уларнинг аксарияти спорт эмас, асосан сиёсат билан боғлиқ эди. <...> Яна бир марта, аввал ҳам кўп бора такрорлаганим сингари, айтиб ўтмоқчиман, менга қарши айбловлар олдиндан режалаштирилган ва сиёсий таг замирга эга ёлғонларга асосланган. Мен ҳақиқат ғалаба қилишига ишонаман. Шундан бўлсада, мен буни ҳамиша айтиб келганман, мен ҳеч қачон Боксдан устун бўлмайман, ва президент сифатида бизнинг спорт туримиз ва бизнинг спортчиларимизга хизмат қилиш учун қўлимдан келганини амалга оширмоғим шарт", - дейилади баёнотда.
Баёнотда айтилишича Ғофуров ҳозирги ҳолатни инобатга олган ҳолда, AIBA Ижроия қўмитасини уюшма президенти лавозимидан истеъфога чиқиш ҳақидаги қарори борасида билдирги берган. Бу AIBA Низомига тўлиқ мослиги айтилган.
Дам олиш кунлари Ғофуров ушбу масалани муҳокама қилиш учун AIBA Ижроия қўмитаси мажлисини чақирган ва йиғилишда вақтинчалик президентни тайинлаш жараёнини бошлаш масаласи муҳокама этилган.
"Аминманки, ўтган йилда амалга оширилган барча ижобий ташаббуслар бизнинг спортимизни келажакда янада кучайтиришга асос бўлиб хизмат қилади", - деган Раҳимов.
Ташкилот расмий сайтида 25 мартга қадар бу ҳақда бошқа ҳеч қандай изоҳ берилмаслиги таъкидланган.