Ўзбекистонда қайси йўллар пуллик бўлади?

“Пуллик автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонун лойиҳасида пуллик автойўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва улардан фойдаланишда давлат-хусусий шериклик салоҳиятини фаол қўллаш назарда тутилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 мар – Sputnik. “Пуллик автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонун лойиҳасида пуллик автойўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва улардан фойдаланишда давлат-хусусий шериклик салоҳиятини фаол қўллаш назарда тутилган. Бу ҳақда Norma хабар қилди.

Пуллик йўллар қаерда бўлади?

Транспортнинг бутун масофа бўйлаб катта ва хавфсиз тезликда ҳаракатланиши таъминланган ҳолда юқори сифатли ўтиш йўлларигина пуллик бўлади.

Вазирлар Маҳкамаси ёки маҳаллий ҳокимият органлари автомобиль йўлидан пуллик асосда фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бироқ муқобил вариант: мўлжалланаётган пуллик йўл билан туташадиган, аҳоли пунктлари ўртасида умумий фойдаланишдаги мавжуд йўл тармоғи бўйлаб бепул ўтиш йўли бўлиши шарт. Бундай муқобил йўллар пуллик йўллардан кўпи билан уч баравар узун бўлмаслиги керак. Қуйидагилар бундан мустасно:

Инвесторларга пуллик магистрал йўллар қуриш учун йўл ва ер участкалари берилади

- пуллик йўлнинг 50%идан ортиқ масофасини кўприклар, туннеллар ва кўприк йўллар ташкил этадиган;

- янги пуллик йўл қурилиши чўл туманларда ва унга тенглаштирилган жойларда (рўйхатини Ҳукумат тасдиқлайди) амалга ошириладиган.

Тегишли қарорда ёки ДХШ тўғрисидаги битимда кўрсатилган муддат тугагач, пуллик йўлдан фойдаланиш тўхтатилади.

Лойиҳада қуйидаги ҳолларда пуллик йўлдан муайян муддат фойдаланиш тўхтатиб турилиши мумкинлиги назарда тутилган:

- муқобил бепул ўтиш имконидан фойдаланишга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар юзага келганда;

- ҳарбий, фавқулодда ҳолатлар юз берганда, шунингдек табиий ёки техноген тусдаги фавқулодда вазият юзага келганда.

Ким қуради?

 Пуллик йўллар республика бюджети ва маҳаллий ҳокимият органлари бюджетларининг маблағлари, пуллик автомобиль йўллари соҳасида махсус ваколатли давлат органи томонидан жалб этилган маблағлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг шахсий ва (ёки) қарз маблағлари ҳисобидан ёки ДХШ тўғрисидаги битимлар асосида барпо этилиши мумкин.  

Қонун лойиҳасида назарда тутилишича, пуллик йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва улардан фойдаланиш (эксплуатация қилиш) ДХШ тўғрисидаги битимлар асосида амалга оширилиши мумкин. Қуйидагиларга давлат шериги сифатида чиқиш ҳуқуқини бериш таклиф этилмоқда:

Ўзбекистонда пуллик автомобил йўллари пайдо бўлади

- умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйича – автомобиль йўллари соҳасида махсус ваколатли органга (Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, таҳр.);

- хўжаликлараро қишлоқ автойўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчалари бўйича – қонун ҳужжатларида бошқа тартиб назарда тутилмаган бўлса, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига.

Пуллик автойўллар фақат давлат мулкида бўлиши мумкин. Бошқа ҳолатлар ДХШ тўғрисидаги битим ва қабул қилинадиган «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Қонунда назарда тутилиши мумкин. Пуллик йўллар ДХШ лойиҳасини амалга ошириш учун берилиши мумкин.

Йўл ҳақи қанча бўлади?

Пуллик автомобиль йўлидан фойдаланиш фойдаланувчи ва оператор ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади. Оператор фойдаланувчига ўтиш ҳуқуқини бериши ва йўл ҳаракатини ташкил этиши, фойдаланувчи эса – тақдим этилган хизмат ҳақини тўлаши шарт.

Фойдаланувчи қуйидаги усуллардан бири ёрдамида оператор билан шартнома тузади:

- пуллик автомобиль йўлига киради;

- тўлов ундириладиган пунктда йўл ҳақини тўлайди;

- йўл талони ҳақини тўлайди;

- автоматик электрон тўлов техник воситасини мулк қилиб ёки ижарага олади.

Пуллик йўлдан ўтиш учун тўлов миқдорини оператор Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган ҳисоб-китоб қилиш услубиятига кўра белгилайди. Тўлов миқдори суткадаги вақт, ҳафта куни ёки йил ойига қараб турли тоифадаги транспорт воситалари учун табақалаштирилиши мумкин. Йўл ҳақини махсус пунктларда ундириш таклиф этилмоқда, йўл ҳақини олдиндан тўлаш ҳоллари бундан мустасно.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.