Жириновский Қозоғистон учун тез орада кураш бошланишини прогноз қилмоқда

ЛДПР етакчиси Назарбоевнинг бу тариқа кетишини "шарқона ҳийла", деб баҳолади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 мар - Sputnik. Қозоғистонда Нурсултон Назарбоев истеъфосидан кейин манфаатдор давлатлар, шу жумладан, АҚШ ва Хитой ўртасида таъсирга эга бўлиш учун кураш бошланиши мумкин, деб ҳисоблайди ЛДПР етакчиси Владимир Жириновский.

Мирзиёев Назарбоев билан телефонлашди

Назарбоев сешанба куни 20 мартда давлат раҳбари ваколатини ўзидан соқит қилиш тўғрисида қарор қабул қилгани ҳақида баёнот билан чиқди. Қозоғистонда вақтинчалик президент ваколатини бажариш вазифаси Сенат спикери Касим-Жомарт Токаевга юкланди.

"Айни вақтда Қозоғистоннинг келажаги аксарият ҳолатда америкаликларга боғлиқ. Улар Украинадан сўнг энди бу ерда бизга "яра"ни юзага келтиришлари мумкин. У ерда америкаликлар тайёрлаган одамлар кўп. Қозоғистонда Хитойнинг, Европанинг, исломийларнинг, Ўзбекистоннинг манфаатлари бор. Ҳозир кланлар таъсирга эга бўлиш учун уруш бошлашлари мумкин. Уйғурлар, қашғарлар, жунганларни қуроллантириш бошланади", - деб ёзган Жириновский ўзининг Telegram-каналида.

У шунингдек, Назарбоевнинг Қозоғистон президенти лавозимидан бу тариқа кетишини "шарқона ҳийла", дея баҳолади.

"Бир томондан қараганда, ҳали Назарбоев тугал кетгани йўқ. Бу шарқона ҳийла: у барибир Миллий хавфсизлик кенгаши ва ҳукмрон партияга раҳбарлик қилади - у берган сигнал билан исталган бош вазирни ишдан олишади, ҳар қандай сайловларда керакли номзод ютиб чиқади. Янги президент лавозимини эса унинг қариндошларидан бири эгаллайди; ёки қизи, жияни ёки яна кимдир - уларнинг аксарияти катта лавозимларни эгаллаб бўлган", - деб ёзган ЛДПР етакчиси.

Назарбоев президентлик постини сал кам 29 йил эгаллади. У илк бор 1990 йилнинг 24 апрелида Қозоқ СССР президенти этиб сайланган. 1991 йилнинг декабрида уни мустақил давлат раҳбари сифатида сайлашган. Бунга қадар 5 йил мобайнида у республика вазирлар кенгаши раиси лавозимида, 1989 йилдан 1991 йилга қадар Қозоғистон компартияси биринчи котиби лавозимида фаолият юритган.