ТОШКЕНТ, 20 мар – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 март куни Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, суҳбат аввалида Ўзбекистон раҳбари Касим-Жомарт Токаевни Қозоғистон Республикаси Президенти лавозимига киришгани муносабати билан самимий табриклаб, давлат раҳбари лавозимидаги фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Қардош мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари изчил мустаҳкамланаётгани, стратегик шериклик муносабатлари янги босқичда ривожланиб, кўп қиррали амалий ҳамкорлик кенгайиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилинган ўтган йилда товар айирбошлашнинг рекорд кўрсаткичларига эришилди, иқтисодиётнинг турли тармоқларида янги кооперация лойиҳалари амалга оширилди, икки мамлакат бизнеси ва ҳудудлари даражасидаги мулоқот, жумладан, маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашди.
Мулоқотда давлат раҳбарлари олий даражада эришилган келишувларни кенг миқёсда амалга ошириш муҳим эканини қайд этдилар.
Минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари баҳор айёми – Наврўз муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч руҳидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, шунингдек, қардош мамлакатлар ва халқлар фаровонлиги, бутун минтақа тинчлиги ва равнақи йўлида кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш борасида интилишлари қатъий эканини тасдиқладилар.