ТОШКЕНТ, 15 мар - Sputnik. Россия ва Ўзбекистоннинг Марказий банклари тўлов карталари миллий тизимларини тизимлараро интеграциялаш тўғрисида битим имзолашади, деб хабар қилди Ўзбекистон Марказий банки.
Хабарда қайд этилишича, 12 март куни Москва шаҳрида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги банклараро Ҳамкорлик бўйича кичик комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Анжуман чоғида томонлар кенг доирадаги, хусусан, банклараро ҳамкорлик, миллий тўлов тизимларини ривожлантириш, банк назорати ва улар фаолиятини тартибга солиш, жумладан, трансчегаравий банкларни биргаликда назорат қилиш, молиявий оммабопликни ошириш, ходимларни малакасини ошириш соҳаларига тегишли масалаларни муҳокама қилдилар.
Йиғилиш доирасида томонлар банк назорати соҳасида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси марказий банклари ўртасида банк назорати борасида, шу жумладан, трансчегаравий банкларни биргаликда назорат қилишда қўлланилаётган ёндашувлар бўйича ўзаро тажриба алмашиш ва яқин ҳамкорлик ўрнатиш имконини яратадиган ўзаро англашув тўғрисида Меморандум ишлаб чиқишни келишиб олдилар.
“Россия ва Ўзбекистоннинг тўлов карталари миллий тизимларини тизимлараро интеграциялаш ва тўлов тизимлари соҳасидаги ёндашувларни тартибга солиш ва кузатиб бориш (назорат) бўйича ҳамкорлик тўғрисида Битим ишлаб чиқишга келишиб олдилар”, - дейилади хабарда.
Айтиш жоизки, тўлов карталари миллий тизимларини интеграциялаш фуқаролар икки давлат ҳудудидаги банкоматларда операциялар ўтказиш имкониятига эга бўлишини англатади.
Томонлар ходимлар малакасини ошириш соҳасида Россия Федерацияси Марказий банки ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида Битим имзоладилар.