ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Россия халқ артисти, актёр, режиссёр Юрий Стоянов Ўзбекистоннинг Россиядаги туристик бренди элчиси этиб тайинланди, деб хабар қилди Sputnik мухбири.
Янги элчини таништириш маросими Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонасида бўлиб ўтди.
Юрий Стоянов – Ўзбекистон учун тасодифий инсон эмас. Унинг онаси Евгения Леонидовна Улуғ Ватан уруши йилларида Тошкентга эвакуация қилинган кишилардан бири эди. Артист уни ва онаси ўлимдан қутқариб қолган бу шаҳардан миннатдор эканлигини тан олди. 2018 йилнинг ёз ойида Стоянов Тошкентда катта концерт берди. Шунингдек, унинг онаси ишлаган ва истиқомат қилган ерларни бориб кўрди.
Юрий Стоянов сўзлаган нутқида унга билдирилган ишонч учун миннатдорличк изҳор этиб, дўстларни қадрлашга чақирди.
“Бизнинг ҳамкорларимиз жуда кўп, лекин, келинглар дўстларни қадрлайлик. Мен тўпламда нима учун Ўзбекистонга саёҳат қилиш керак бўлган 100 та сабабларни ўқидим. У ерда асосий сабаб кўрсатилмаган. Ўзбекистонга шунчаки меҳмондорчиликка эмас, балки дўстларнинг олдига бориш керак. Ўзбек халқининг ноёб хислати - бу меҳмонга бўлган самимий ғамхўрлик”, - деди Стоянов.
Элчихонадаги тадбир давомида мамлакат элчиси Ботиржон Асадов сўнгги пайтлар туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида гапириб берди.
Шунингдек, журналистлар ва туристик бизнес вакилларига янги TopTripTrip Uzbekistan мобил илова намойиш этилди. Ушбу илова мамлакат меҳмонларига диққатга сазовор бўлган жойлар ҳақида кўпроқ маълумот олишга ёрдам беради.