Россияга қатнаш учун Хитойдан 100та автобус сотиб олинди

Халқаро йўналишда автобус қатновини йўлга қўйиш ва меҳнат мигрантларини манзилга етказиш учун 100 та автобус сотиб олинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 мар – Sputnik. Ўзбекистонга Хитойдан 100та Yutong автобуслари олиб келинади. Ушбу автобуслар ёрдамида Ўзбекистондан хорижий давлатларга автобуслар қатнови йўлга қўйилади, деб хабар қилмоқда УзА.

"Хорижий давлатларга вақтинчалик ишлаш учун чиқиб кетаётган фуқароларни манзилларига ўз вақтида хавфсиз етказиб қўйишни ташкил этиш мақсадида «Uzautotrans Service» махсус компанияси автобусда ташувларни амалга оширишга ихтисослаштирилган миллий корхонаси ташкил этилган эди", - дейди «Uzautotrans Service» бош директори Саидраҳим Икромов.

Ушбу лойиҳа президентнинг 2018 йил 5 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлардан бири ҳисобланади.

Тошкент-Нижний Новгород халқаро автобус қатнови йўлга қўйилди

Мазкур корхона автопаркини замонавий автобуслар билан таъминлаш мақсадида Хитойнинг «Zhengzhou Yutong Bus Co. Ltd.» компаниясидан 168 дона кўп ўриндиқли замонавий автобусларни сотиб олиш бўйича келишувга эришилди.

«Uzautotrans Service» махсус компанияси ушбу янги автобусларда самарали фаолият кўрсатишни ташкил этиш мақсадида махсус танлов асосида 120 яқин ҳайдовчини саралаб олди. Уларнинг малакаси махсус ўқув дастури асосида оширилиб, хорижий давлатлар ҳудудида ҳаракатланаётганда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида тўлиқ тушунчалар берилди, дейилган хабарда.