Тошкент аэропортида туризм ахборот маркази ишга тушди

Тошкент аэропортида сайёҳларга хизмат кўрсатувчи ахборот-туризм маркази очилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 мар — Спутник. Кеча 12-март куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аеропортида хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун мамлакатдаги биринчи ахборот-туризм маркази (стенди) ишга тушди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон туризм қўмитаси.

Ахборот-туризм марказининг асосий вазифаси – чет эллик меҳмонларнинг мамлакатга ташрифи қулай ўтиши учун барча зарур маълумотларни тақдим этишдир. Шунингдек, бу ерда меҳмонларга такси, меҳмонхона брон қилиш, трансфер, туристик сим-карталар, ахборот-туристик материаллар олиш каби хизмат турлари тақдим этилади.

Ахборот-туризм стенди 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Туризм соҳасини ривожлантириш консепсиясида мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш мақсадида амалга оширлган.

Ахборот марказини Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари в.б. Улуғбек Қосимхўжаев очиб берди ва очилиш маросимида журналистларга ушбу тадбирнинг аҳамияти ҳамда ахборот марказларини ҳали бутун Республика бўйлаб ўрнатиш режалаштирилгани ҳақида маълум қилди.