Ўзбекистон Швейцария поезд ва электричкаларини сотиб олмоқчи

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида Швейцариянинг Stadler компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 мар – Sputnik. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида Швейцариянинг Stadler компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон поездлари дунёнинг энг тезюрар поездлари рейтингидан жой олди

Учрашувда вагонсозлик йўналиши бўйича икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Жумладан, Ўзбекистонда йўловчи вагонлари ишлаб чиқариш ҳудуддини ташкил этиш, Марказий Осиё бўйича экспортни йўлга қўйиш каби бир қатор истиқболли лойиҳалар муҳокамаси бўлди. 

“Тадбирда ўзбекистонлик мутахассислар томонидан Stadler компаниясининг замонавий техника ва технологияларини саноат корхоналарида жорий этиш, электровознинг асосий тортиш тизими, бутловчи қисмларини мамлакатимизга етказиб бериш борасида таклифлар билдирилди. Йиғилишда Швейцарияда тайёрланган замонавий метро поездлари ва электричкалар ҳаракатини Ўзбекистонда жорий этиш борасида ҳам сўз борди”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, учрашув сўнггида икки томонлама манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувга ҳам эришилди.