ТОШКЕНТ, 8 мар – Sputnik. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги аёлларни ўзига хос байрамона акциялар билан қутлашмоқда, деб хабар қилди муассаса матбуот хизмати.
8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Ўзбекистон Қуролли Кучлари академияси ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари, Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ҳамда Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий оркестри жамоалари пойтахтимиздаги бир неча савдо марказларида бўлиб, бу ердаги аёл-қизларни ўзгача услубда табриклашни давом этмоқда, - дейилган хабарда.
Ундан ташқари, Марказий ҳарбий округ оркестри Самарқанд шаҳридаги Регистон майдони ҳамда “Атлас” кўнгилочар савдо мажмуасида концерт дастурлари ижро этди.
Шунингдек, ҳарбийлар турли соҳаларда хизмат қилаётган, касалхоналарда даволанаётган, кекса ёшдаги аёлларга гуллар совға қилиб уларнинг кўнгилларини шод этишди.