Қирғизистонда чиябўрилар увиллаши ҳаттоки давлат қароргоҳида ҳам эшитилмоқда

Депутат давлат битта чиябўрини отиш учун 2 минг сом (29 доллар) тўлаётганидан рози эмас. Чунки битта бўрини отиш учун уч баравар кўпроқ ҳақ тўланади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 мар — Sputnik. Қирғизистонда чиябўрилар сони кўпайди, уларнинг увиллаши ҳаттоки давлат қароргоҳида ҳам эшитилмоқда, дея маълум қилди Қирғизистон Жогорку Кенеш депутати Алтинбек Сулайманов.

“Бугунги кунда чиябўриларнинг чорва молларига ҳужуми кўпайди. Улар ҳатто одамларга ҳам ҳужум қилишаётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлмоқда. Ўтган йил чиябўрилар сони 25 фоизга ошди. Вазият ўта хавфли. Улар тустовуқ, каклик, қуёнларни йўқ қилишмоқда”, - деди депутат.

Қирғиз депутати бўриларни энди танклар ёрдамида отишни таклиф қилмоқда

Депутат давлат битта чиябўрини отиш учун 2 минг сом (29 доллар) тўлаётганидан рози эмас. Чунки битта бўрини отиш учун уч баравар кўпроқ ҳақ тўланади. Унинг сўзларига кўра, чиябўрилар жуда айёр ва уларни овлаш бўри овлашга қараганда қийинроқ. У чиябўрини отганлик учун ҳам 6 минг сом (87 доллар) тўлашни таклиф қилди.

“Биз икки оёқли чиябўрилар билан курашиб, тўрт оёқлиларни унутиб қўйдик. Улар катта хавф туғдирадилар. Одамлар кечаси инсон йиғисини эслатувчи бу йиртқичларнинг увиллашидан қўрқишади”, - деб қўшимча қилди депутат.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг бошида Қирғизистон парламенти депутати бўрилар “бизга қариндош эмас”лиги айтиб, уларни вертолёт ёрдамида отишни таклиф қилган эди. Сўнгра эса уларни танклар ёрдамида отиш керак деган ғояни илгари сурган эди.