Нодавлат спорт иншоотларини қуриш учун ер 30 йилга бепул берилади

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 мар - Sputnik. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 мартдаги қарори билан “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” каналида хабар қилинди.

Аҳолини жисмоний тарбия ва оммавий спортга жалб этиш бўйича қарор лойиҳаси тайёрланди

Низомга мувофиқ, давлат-хусусий шериклик қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

- нодавлат спорт иншоотларини қуриш ва фойдаланиш учун ерни бепул бериш (30 йилга);

- давлат спорт иншоотларининг фойдаланилмаётган қисмини бепул фойдаланиш учун хусусий шерикларга ўтказиш (30 йилга);

- мавжуд давлат спорт иншоотларини қайта қуриш ва жиҳозлаш (30 йилга);

- кейинчалик беғараз ёрдам кўрсатиш шарти билан спорт иншоотларини қуриш учун ерни бепул бериш (20 йил ва ундан ортиқ даврга);

- концессия асосида қуриш, қайта қуриш ва жиҳозлаш учун ер ёки бино ажратиш;

- хусусий спорт иншоотларини моддий-техник ва молиявий таъминлаш.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларни тузиш бўйича 5 кишилик танловларни ўтказиш комиссияси тузилади.

Танлов бошланишидан 30 кун олдин Интернет тармоғида ва расмий сайтларда бу ҳақда эълон берилади.

Танловда қатнашмоқчи бўлганлар комиссияга ариза беради.

Ариза 10 кунда комиссия томонидан кўриб чиқилади.

Камида икки иштирокчидан танловда иштирок этиш учун аризалар келиб тушганда, танлов ўтказилади.

Энг мақбул таклиф эгаси танлов ғолиби деб топилади ва у билан битим тузилади.

Самарқандда Россия Жисмоний тарбия институти филиали очилади