Наманган вилоятини комплекс ривожлантириш учун 2,8 миллиард долларлик Дастур ишлаб чиқилди

Наманган вилоятида 2019-2020 йилларда умумий қиймати 2,8 миллиард доллар бўлган 1 минг 400 дан ортиқ инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 мар – Sputnik. Шавкат Мирзиёев 1 март куни Наманган вилояти фаоллари иштирокида бўлган йиғилишда Наманган вилоятини комплекс ривожлантириш учун 2,8 миллиард долларлик Дастур ишлаб чиқилганини маълум қилди.

Мазкур дастурга асосан, Наманган вилоятида 2019-2020 йилларда умумий қиймати 2,8 миллиард доллар бўлган 1 минг 400 дан ортиқ инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган.

Мирзиёев Наманган вилоятидаги камчиликларни танқид қилди

Қайд этилишича, давлат раҳбари ушбу лойиҳалар 39 мингта доимий иш ўрни яратиш, 1,1 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиш ва ўзлаштиришни таъминлашини алоҳида таъкидлади. 

"Шунингдек, вилоятда “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастурини амалга ошириш учун 1 триллион сўм ажратилиши маълум қилинди. Бу маблағлар ҳисобига вилоятда оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг янгича тизими жорий этилади", - дейилади хабарда.

Наманган вилоятидаги туман марказларини обод масканларга айлантириш мақсадида ҳар бир туманга 20-25 миллиард сўмдан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига киритилган қишлоқлар ва маҳаллаларга қўшимча равишда 2 миллиард сўмдан ажратилиши таъкидланди.