ТОШКЕНТ, 1 мар - Sputnik. Ўзбекистон Кабаса уюшмаси федерацияси фуқарога 34 йил давомида фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун пуллик компенсация тўловларини ундириб олишга ёрдам берди.
Касаба уюшмасининг сайтида маълум қилинишича, Х.Қаюмов 1978 йилдан Жиззах вилоят Паталогиоанатомия бюросининг паталогоанатом врачи лавозимида фаолият кўрсатган, лекин у билан тузилган меҳнат шартномаси 2018 йилда бекор қилинади. Аммо, тузилган меҳнат шартномаси бекор қилишда, охирги ҳисоб-китоб қилинаётган пайтда унга фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун пуллик компенсация тўланмайди.
Қайд этилишича, фуқаро Х.Қаюмов ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда амалий ёрдам сўраб касаба уюшмаларига мурожаат қилади. Жиззах вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан фуқаро Х.Қаюмовнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судига Жиззах вилоят Паталогоанатомия бюросига нисбатан ходимга фойдаланилмаган меҳнат таътилари учун пуллик компенсация ундириш ҳақида даъво аризаси киритилади.
“Касаба уюшмалари томонидан амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида даъво аризаси қаноатлантирилиб, жами фойдаланилмаган меҳнат таътиллари 34 йилни ташкил этгани аниқланди ҳамда шунга мутаносиб равишда 68 миллион 941 минг 44 сўм миқдорида пуллик компенсация тўловлари ундириб берилишига эришилди”, - дейилади хабарда.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 151-моддаси 1-қисмида меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланиши белгиланган.
Лекин шунга қарамасдан айрим иш берувчилар томонидан ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда фойдаланилмаган таътиллар учун компенсация пулларини охирги 3 йил учун бериш ҳоллари мавжуд. Бу эса, юқорида таъкидланган Меҳнат кодексининг 151-моддасига зиддир, дейилади хабарда.