Шавкат Мирзиёев Наманганда Япония билан ҳамкорликда қурилаётган ИЭС билан танишди

Президент ушбу лойиҳа муҳим стратегик аҳамиятга эга эканини, ва аҳолини ишончли электр энергия билан таъминлаш имконини беришини таъкидлади. 
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 фев – Sputnik. Шавкат Мирзиёев Наманганга ташрифини Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилиши билан танишишдан бошлади, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.

“Тўрақўрғон ИЭСининг биринчи буғ-газ қурилмаси 2019 йилнинг сентябрь ойида, иккинчиси - декабрь ойида ишга туширилади. Бунинг натижасида Фарғона водийси истеъмолчилари учун 900 МВт қўшимча қувват ёки йилига 6,7 миллиард кВт/соат электр энергия ишлаб чиқарилади. Иншоот фойдаланишга топширилгач, қўшимча 300 киши иш билан таъминланади”, - дейилган хабарда.  

Лойиҳани умумий қиймати 1 миллиард 195 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлиб, Япониянинг “Mitsubihi Corporation” ва “Mitsubishi Hitachi Power Systems” консорцуми томонидан амалга оширилмоқда.

Ушбу улкан лойиҳа Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва “Ўзбекэнерго” АЖ маблағлари асосида молиялаштирилмоқда.

Наманганда велосипед ва мотоцикллар ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади

Бунёдкорлик ишларига 2 минг 400 дан зиёд маҳаллий ва хорижий ишчи-хизматчи жалб этилган. Лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишлари Туркиянинг “СaIik Enerji” компанияси муҳандис-техник мутахассислари томонидан олиб борилаётир. 

Ҳозирги кунда электр энергиясини ишлаб чиқарадиган асосий агрегатлардан биринчи ва иккинчи блок трансформаторлари, газ трубина, чиқиндини қайта ишлаш қозонлари, паратрубина ва бошқа асбоб-ускуналари монтаж қилинди. Қолган электр қурилма агрегатлари, асбоб-ускуналар олиб келиниб ўрнатилмоқда. 

Бугунги кунга қадар лойиҳа доирасида 83 фоиздан зиёд иш бажарилган, қарийб барча асбоб-ускуна ва агрегатлар харид қилинган. 

Мирзиёев янги лойиҳаларни белгилаш мақсадида Наманганга жўнаб кетди

Лойиҳа 10 йилдан сўнг ўзини тўла оқлайди. Энг муҳими, бу ерда ишлаб чиқарилган электр энергия таннархи бошқа иссиқлик электр станцияларникидан арзонлиги билан ажралиб туради. Жумладан, Тўрақўрғон ИЭСда ишлаб чиқарилган 1 кВт электр энергиянинг ўртача таннархи 124 сўмни ташкил этади. 

Шавкат Мирзиёев бу лойиҳа муҳим стратегик аҳамиятга эга эканини, станция водий вилоятларининг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш ва аҳолини ишончли электр энергия билан таъминлаш имконини беришини таъкидлади. 

Иссиқлик электр станциясини муваффақиятли ишга тушириш ва фойдаланиш, бунинг учун соҳага ихтисослашган юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берди.