"Шарқ тароналари" халқаро фестивални ўтказиш санаси эълон қилинди

Ўзбекистон президенти "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивалини ўтказишга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида​ қарорни имзолади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 фев - Sputnik. Самарқанд шаҳрида "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивали ўн иккинчи марта 2019 йилнинг 26-30 август кунлари ўтказилади, деб таъкидланган Ўзбекистон президенти томонидан имзоланган ҳужжат матнида.

Ўзбекистонда янги байрам пайдо бўлиши мумкин

Фестивалга маҳаллий ва хорижий давлатлардан мусиқашунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар ва фахрий меҳмонлар таклиф этилади.

2019 йил 1 июнга қадар Ўзбекистон Бадиий академияси, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси билан биргаликда Фестивалнинг логотипи ва совриндорлар учун бериладиган ҳайкалчаси лойиҳасини ишлаб чиқиб, Ташкилий қўмитага тасдиқлаш учун киритиши белгиланган.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги 2019 йил 20 июлга қадар Самарқанд шаҳрида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиши, Фестиваль ўтказиладиган саҳна ва майдонлар талаб даражасида тайёрланишини таъминлаши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Фестивалга ташриф буюрувчи меҳмонлар учун Маданият вазирлигининг виза талабномаларига биноан Ўзбекистон Республикасига кириш визаларининг белгиланган тартибда консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан расмийлаштирилишини таъминлайди.