Мирзиёев ҳудудларни қай тарзда ривожлантириш кераклигини айтди

Йиғилишда президент, аксарият лойиҳалар инфратузилма қулай бўлган туманларга жойлаштирилиб, бошқа ҳудудлар эътибордан четда қолмаслиги кераклигини таъкидлади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 фев - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ортда қолаётган ҳудудлар масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Мирзиёев мева-сабзавотлар экспортини кўпайтириш бўйича топшириқларни берди

Йиғилишда президент, аксарият лойиҳалар инфратузилма қулай бўлган туманларга жойлаштирилиб, бошқа ҳудудлар эътибордан четда қолмаслиги кераклигини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистонда ўттиз иккита туманда саноатнинг улуши вилоят кўрсаткичининг 3 фоизига ҳам етмаслиги танқид қилинди. Ушбу туманларнинг географик жойлашуви, хомашё базаси, меҳнат ресурсларидан кенг фойдаланиш имкониятлари кўрсатиб ўтилди.  

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат геология қўмитасига ҳар бир туман кесимида қазилма бойликлари захирасидан келиб чиқиб, уларни саноатлаштириш бўйича инвестиция лойиҳаларини шакллантириш вазифаси қўйилди. 

266 минг гектар ернинг унумдорлиги пасайиб, фойдаланишдан чиқиб кетгани қайд этилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлигига бу жойларда сув тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳисобига қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди. 

Қўшни давлатлар билан чегарадош туманларнинг логистика, экспорт ва сервис салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди. 

Ижтимоий-иқтисодий ҳолати нисбатан орқада бўлган туманларда кооперация асосида кичик саноат зоналари ташкил этиб, уларда тўқимачилик, кўнчилик, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш бўйича лойиҳаларни жойлаштириш зарурлиги таъкидланди. Мазкур туманларда ишлаб чиқариш ва транспорт инфратузилмаларини ривожлантиришга қаратилган дастур қабул қилиш вазифаси қўйилди. 

Шавкат Мирзиёев асосий инвесторни қандай танламоқда – эксперт фикри

Бош вазир ўринбосарлари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ жойларга чиқиб, ўттиз иккита туманда ҳар бир йўналиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилиши белгиланди.

"Бу лойиҳалар аниқ бўлиши: нечта корхона ишга тушади, қанча инфратузилма қурилади, қанча аҳоли банд бўлади, деган ҳамма саволларга жавоб бўлиши керак", – деди Мирзиёев. 

Таъкидланишича, лойиҳаларни молиялаштириш манбалари "Ҳар бир оила – тадбиркор", "Ёшлар – келажагимиз", "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" каби дастурлар билан боғлиқ ҳолда ҳал этилади. Мазкур туманлардаги кам таъминланган оилаларни ўзини ўзи банд қилиш бўйича мақсадли дастур амалга оширилади. Йиғилишда ушбу вазифаларни амалга ошириш бўйича ташкилий ишлар ҳам белгилаб берилди.