Иш ҳақи, пенсия миқдорини аниқлаш тартибига доир президент фармони лойиҳаси тайёрланди

“Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар миқдорини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги президент фармони лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 фев – Sputnik. Молия вазирлиги “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар миқдорини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги президент фармони лойиҳаси тайёрлади.

Ҳужжат иш ҳақи миқдорини аниқлаш тартибини такомиллаштириш, меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар белгилаш ва жарима ҳамда йиғимлар ундириш ўртасида боғлиқлик шартини йўқотиш мақсадида қабул қилинади.

Президент фармони лойиҳасига мувофиқ, 2018 йил 1 июлидан: меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲЭКМ) 577 170 сўм; базавий ҳисобланган сумма (БҲС) - 202 730 сўм; ҳисобланган пенсия кўрсаткичи (ҲПК) - 202 730 сўмни ташкил қилади.

Фармон лойиҳасига кўра, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори мутлақ суммада белгиланади ва “1,0” тариф коэффициенти билан Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси биринчи разряди ойлик тариф ставкаси сондаги қиймати саналади.

Бундан ташқари, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори лавозим маоши, устама, қўшимча пул, гонорарлар, қўшимча иш учун компенсация тўловлари, озиқ-овқат, йўл ва рағбатлантирувчи бошқа турдаги тўловлар, иш ҳақини ҳисоблашда қўлланиладиган чегара миқдор, қонунчилик билан белгиланган чегириб қолиш ҳамда иш ҳақи миқдорига боғлиқ бўлган бошқа тўловлар аниқлаш мақсадида меҳнат муносабатлари соҳасида қўлланилади.

Шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори эгалик шакли ва меҳнат муносабатларидан қатъи назар, белгиланган меҳнат нормаларини тўлиқ бажарган ишчилар меҳнатига ҳақ тўлашнинг паст чегараси сифатида барча иш берувчилар учун мажбурий бўлади.

Бугун 100 минг сўмлик қоғоз пул муомалага чиқарилади

Базавий ҳисобланган сумма солиқлар, йиғимлар, жарималар, давлат божлари, стипендиялар ва тақдим этиладиган давлат хизматлари учун бошқа тўловлар миқдорини аниқлаш, шунингдек, оиланинг ижтимоий қўллаб-қувватловга муҳтожлигини аниқлашда қўлланилади.

Шунингдек, базавий ҳисобланган сумма патент, лицензия ва маълум бир турдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун бошқа тўловлар, ташкилотлар устав ва бошқа фондлари (капитал) миқдори, пул маблағларисиз тўланувчи акциялар қиймати, бошқа қимматли қоғозлар, жамиятлар активлари баланс қиймати, микрокредитлар ҳамда лизинг чегара миқдори, шунингдек, бошқа молиявий-иқтисодий кўрсаткичлар базаси сифатида қўлланилади.

Фармон лойиҳасида Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Молия, Адлия вазирликлари томонидан икки ой муддатда Меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ягона тариф сеткасини қайта кўриб чиқиш ҳамда мутлақ суммада нафақалар, компенсациялар ва тўловлар алоҳида турлари миқдорини ўрнатиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш ҳақида топшириқ қайд этилган. 

Ҳужжат лойиҳаси 9 мартгача муҳокама қилинади.